Бугун, 16 март куни Дин ишлари бўйича қўмитада «Наврўз» умумхалқ байрамини нишонлаш, муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаломзорлаштириш тадбирларини давом эттириш мақсадида «Обод ва файзли маҳалла - юрт кўрки» шиори остида хайрия ҳашари ўтказилди.

Орасталик ва озодалик азалдан халқимизга хос фазилатлардан бири бўлиб келган. Шу сабабдан ҳар йили Наврўз байрами арафасида мамлакатимизда умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, шу куни маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар-жойлари ободонлаштирилади, ариқ-зовурлар тозаланади ҳамда жамоат жойлари тартибга келтирилади.

Қўмитада ҳам шу мақсадларни ўзида жамлаган ҳолда бўлиб ўтган хайрия ҳашари юқори савияда ташкил этилди, таркибий бўлинмалар ва техник ходимлар ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

16.03.2024