Шоядки тафаккур қилиб кўрсак...

Куни кеча “Озодлик” радиосининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Ҳозирча махфий: тақиқланган диний адабиёт, сайт ва ташкилотларнинг янги рўйхати тасдиқланди” номли мақола эълон қилинди.

Ушбу мақолани ўрганиб чиқиб, қуйидаги фикрларни тақдим этмоқчимиз.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сон қарори асосида тасдиқланган Низомда: “Ваколатли орган йилига камида икки марта манфаатдор вазирликлар ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган материаллар рўйхатини тақдим этади, дейилган.

Шунга кўра, Ваколатли орган яъни Дин ишлари бўйича қўмита томонидан йилига камида икки марта манфаатдор вазирликлар ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган материаллар рўйхатини тақдим этилади. Бу 2014 йилдан буён амалда бўлиб келаётган ҳуқуқий жараёндир.

Шу ўринда, давлат диншунослик экспертизаси ўтказишдан кўзланган мақсад нима эканига ойдинлик киритиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Давлат диншунослик экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорига мувофиқ ваколатли орган бўлган Дин ишлари бўйича қўмита томонидан амалга оширилади. Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб кириладиган ҳамда республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган диний мазмундаги материаллар давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Дин ишлари бўйича қўмита эксперт-мутахассислари томонидан амалга ошириладиган давлат диншунослик экспертизаси амалиёти ўзида хориждан олиб кирилаётган ва юртимизда тайёрланадиган диний материалларда соф диний ақидалардан оғишганлик, дин асосларини нотўғри талқин этиш, динлараро адоват ва нафрат қўзғатиш каби номақбул мақсадларда фойдаланиш ва илмий асосга эга бўлмаган маълумот ва талқинларга йўл қўйилмаслигини таъминлашни ифода этади.

Мутахассислар томонидан ҳар бир тадқиқот объектига нисбатан холис ва илмий асосланганлик нуқтаи назардан ёндашилиб, ҳар бир хулоса материалнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда шаффоф тарзда тайёрланади.

        Шунингдек, амалиётда тақдим этилиши лозим бўлган ушбу рўйхат “махфий” эмас, балки хизмат доирасида фойдаланиладиган ҳужжат ҳисобланади.

 Демак, ички вазиятдан мутлақо вофиқ бўлмаган, мақсади ҳақиқатни юзага чиқариш эмас, балки ўқувчилар орасида шов-шув келтириб чиқариб, ўз нуфузини орттириш бўлган қўштирноқ ичидаги айрим “ахборот” манбаларининг иғволарига учмасдан, ҳақиқатни соҳанинг ўз эгаларидан билиб олишга интилиш бугунги кун оқил кишисига ярашадиган ҳолатдир.

Бу каби хабарларни тарқатишдан олдин ҳуқуқий манбаларни синчковлик билан ўқиб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини айтиб ўтмоқчимиз!

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

 

ҚАБУЛ КУНЛАРИ

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як