“МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ”

Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни, албатта, яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.

Шавкат Мирзиёев

 

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг матбуот хизмати хабар беришича академияда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва 14 январь - “Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланган “Мaрдлaр қўриқлaйди вaтaнни” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

            Унда Ички Ишлар вазирлигининг намунали оркестри жамоаси, Қуролли Кучлар академияси ҳарбийлари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

            “Мaрдлaр қўриқлaйди вaтaнни” мавзусидаги тадбирнинг расмий қисми очилгунча меҳмонлар ва талабалар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан ишланган тасвирий санъат намуналари, ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги фотосуратлар кўргазмаси билан танишиб чиқишди.

            Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг куйланиши билан бошланди.

            Шундан сўнг “Мaрдлaр қўриқлaйди вaтaнни” мавзусидаги тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов кириш сўзи билан очиб берди.

            Р.Қосимов ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилиши, уни ҳар жиҳатдан замонавий Миллий армияга айлантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритди.

            Жумладан, 1992 йилнинг 14 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистоннинг ўз Қуролли Кучлари ташкил этилди.

            Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 29 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига биноан 14 январь — “Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди.

            Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда ҳарбий-сиёсий соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз хавфсизлиги ва тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга ҳар жиҳатдан қодир, замонавий, энг янги қурол-яроғлар ва ҳарбий техника билан таъминланган, мутлақо янги Миллий армия вужудга келди.

            Унинг замирида халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган қадимий анъана ва қадрияти асосида буюк аждодларимиз Aмир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди сингари она Ватан учун жонини фидо қилишга тайёр мард ва юртга садоқати ватанпарварлар камол топиб келмоқда. Биз Миллий армиямиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

            Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ўтган сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Миллий армиямизнинг ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада ошди.

            Давлатимиз раҳбари зобит ва аскарлар ўртасида миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва диққат марказида бўлишга эътибор қаратиб келмоқда.

            Тадбирда “Миллий гвардия” курсантлари ҳамда ҳарбий амалиётларда иштирок этган академиянинг устозларидан юридик фанлари доктори Ж.Тошқулов ва “Манбалар хазинаси” раҳбари М.Усмонов ҳам иштирок этиб, Миллий армиямиз, унинг юртимиз тинчлигини муҳофоза этишдаги ўрни ва бугунги доруломон кунларнинг қадрига етишга барчамиз масъул эканлигимиз ҳақида фикр билдирди.

            Кўтаринки руҳда ўтган тадбир давомида Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари таклиф этилиб, улар томонидан ҳарбий қўшиқ, бадиий ва ҳарбий саҳна кўриниши, ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлар намойиш этилади.

            Айниқса, Ички ишлар вазирлиги намунали оркестри жамоаси томонидан ижро этилган оҳанглар, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларининг ҳарбийлаштирилган саҳна кўринишлари олқишга сазовор бўлди.

            Шунингдек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчи ва ўқувчиларининг тасвирий санъат, ватанварварлик руҳидаги фотосуратлар намуналари, “Ziyo-Zukko” умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган “Спорт – соғлиқ гарови”ни тарғиб этувчи чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

            Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5529-сонли Фармойиши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 декабрда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректорининг ҳам “Ватанпарварлик ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги  буйруғи қабул қилинди.

Унга кўра, 2020 йилнинг январ ойи давомида “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтказиладиган тадбирлар режаси ва ишчи гуруҳи шакллантирилди. Айни дамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар юқори савияда ўтмоқда.

“Мaрдлaр қўриқлaйди вaтaнни” мавзусидаги тадбир Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Мендурман ўша” қўшиғини барчанинг жўр бўлиб кўйлаши билан якунланди.

Қўмита матбуот хизмати

ҚАБУЛ КУНЛАРИ

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як