Ўзбекистон Республикаси давлат байроғида нега айнан тўрт ранг акс этган?

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши жараёни қандай бўлган? Муҳокамаларда кимлар иштирок этган? Давлат байроғида нега айнан тўрт ранг акс этган?

Давлатмиз байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоя, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этган.

Бу ҳақда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ЎзА мухбирига қўйидагиларни сўзлаб берди:

– Ҳар бир мамлакатнинг ўз рамзлари бўлади. Дунё давлат байроқлари ичида Ўзбекистон байроғи энг кўркам ва чиройлисидир. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида давлатимиз байроғи қабул қилинаётганда кўп баҳс, тортишувлар бўлган. У қандай бўлиши керак, қайси ранглар акс этади, каби саволлар янграган. Унинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилган ва охир оқибат бугунги кундаги шакли бир овоздан қабул қилинган эди.

Ундаги мовий ранг – осмоннинг, дунёнинг рангидир. Оқ ранг – поклик, муқаддас тинчлик рамзи ҳисобланади. Ўзбекистон ўзгалар тинчлигига рахна солмайдиган, қўшни давлатлар билан алоқаларни янги поғоналарга олиб чиқадиган мамлакат бўлади, деб орзу қилинган. Яшил ранг – мангулик, Ватанимиз мангулиги каби орзу умиднинг ифодаланишидир.

Ана шу уч ранг маъқулланганида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устозимиз Эркин Воҳидов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга юзланиб, байроғимизга қизил рангни ҳам қўшишни таклиф қилди. Муқаддас рамзлар, хусусан, туғ – байроқни асраб қолиш йўлида аждодларимиз, ҳатто, ўз жонидан ҳам кечгани ҳеч кимга сир эмас. Ота-боболаримиз Ватан, адолат учун жанг қилиб, озодлик истаб ҳалок бўлганлар шарафига байроқдаги оқ рангнинг икки тарафига қизил чизиқ чизилган. Бунда бизнинг озодлигимиз, халқимизнинг самимийлиги ўз ифодасини топган.

Барча ранглар жамланиб, байроғимиз бугунги кўриниш олганда ниҳоятда чиройли эканини англадик. Бизнинг байроғимиз бошқа давлат рамзларидан ажралиб туради. Исталган одам Ўзбекистоннинг қандай эканини байроғимизга қараб билиб олиши мумкин.

Халқимиз ғурури, ор-номуси, истиқболга қараб интилиши давлатимиз байроғида жам бўлган. Қаерга бормайлик давлатимиз байроғига кўзимиз тушса қалбимизда ўзгача бир туйғу жўш уради. Кўнглимизда фахр пайдо бўлади.​

Манба: uza.uz

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

ҚАБУЛ КУНЛАРИ

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як